X

Bugungi yoshlar adabiy tanqidchiligi

Bugungi yoshlar adabiy tanqidchiligi

Гулбаҳор Ашурова- ТошДЎТАУ

катта илмий ходим изланувчиси,ф.ф.н.

 

         ХХI аср ўзбек адабий танқиди устида фикр юритиш, ушбу соҳа нима сабабдан адабий ҳаётдан нисбатан ортда қолаётгани хусусида ўйлаб кўришга эҳтиёж бор. Чунки бадиий асарлар вақтли матбуотда ҳам, китоб кўринишида ҳам тинимсиз босилиб турар экан, уларнинг қадр-қиймати, аҳамияти, гўзаллиги, нафосати ва бошқа қирраларига ташхис қўйиш, баҳолаш, таҳлил ва талқин этиш зарурати ҳар доим кун тартибида туради. 

      Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2017 йил, 12 апрель куни “Бугунги ёшлар адабий танқидчилиги” мавзусида қизиқарли, баҳс-мунозараларга бой учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабий танқид бўлими аъзоларидан Сувон Мелиев, Нусратилло Жумахўжаев ҳамда университет профессор-ўқитувчиларидан  Баҳодир Каримов, Узоқ Журақулов, Ислом Ёқубов, Абдулла Улуғов,Умида Расулова, Гулбаҳор Ашурова ҳамда филология факултети магистр ва талабалари иштирок этишди.

      Тадбирни университет ректори Шухрат Сирожиддинов очиб бердилар. Янги университетнинг ташкил этилишининг аҳамияти, қилинаётган ва келажакда қилиниши  кўзда тутилган залворли ишлар ҳақида гапирдилар. Университет биносининг янги ўқув йилида таъмирдан чиқарилиши, бино олдида Алишер Навоийнинг ҳайкалини қад ростлаши(ҳайкалтарош Илҳом Жабборов) 2017-2025 йиллардаги университетнинг ривожланиш стратегияси, университетда   “Адабий  мерос”,“Илмий  ахборотнома”, “Халқаро журнал”  ва йиллик тўпламларнинг нашр этилиши ҳамда, “Бутун дунё  навоийшунослари халқаро жамияти”нинг тузилиши, “Бутун дунё  туркологлари  ассоциасиясига  асос солиниши, “Ўзбек  халқи  маънавияти, фалсафа ва  этнографияси тарихини  ўрганиш” марказининг  ташкил  этилиши  каби  юксак даражадаги ишлар  ва келажакда қилиниши  лозим вазифалар ҳақида гапирдилар. Ёшларнинг илғор ташаббусларини  қўллаб-қувватлашларини таъкидладилар.

      Юртимизда кечаётган  жараёнлар, сиёсат ва маънавият соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар талаб этилаётганлиги ва бугун ёшлар орасидан етук мутахассис кадрлар - адабий мунаққидлар етиштиришимиз ниҳоятда  муҳим эканлиги таъкидланди. Адабий танқидни “бадиий асарни уриб чиқиш”, “ижодкорни ҳақорат қилиш”, “тарафкашликка бориб шоир ёки ёзувчини руҳан-маънан майиб қилиш” тарзида тушунмаслик керак. Вульгар социологик танқид шундай “вазифа”ни бажарганидан яқин тарих хабар беради. Адабий танқиднинг фан соҳаси эканига урғу бериш, энг муҳими, “Адабий танқид назарияси” устида фикрлар ва шу назарий-методологик асосларни дунё адабий танқидчилигида кечаётган ҳолатларга уйғунлаштириш лозимлиги  ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбирни Сувон Мелиев олиб бордилар.

       Профессор Баҳодир Каримовнинг  “Адабий танқиднинг бугунги  ҳоли ва истиқболи” мавзусидаги маърузаси ниҳоятда долзарб   муаммоларни ёритиб  берганлиги  билан эътиборлидир. Ушбу соҳадаги ишларни жиддий йўлга қўйиш ниятида   Баҳодир Каримовнинг маърузаси асосида  “Ҳаракат дастури” ишлаб чиқилди. Чунончи,   қуйидаги вазифалар ёритилди:

  • Университет қошида “Адабий жараённи баҳолаш лабараторияси”ни ташкил қилиш;
  • Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Адабий танқид шуъбаси” билан университет  ёш  олимлари ҳамкорлигинии кучайтириш;
  • Университетдаги барча тўгараклар билан Ёзувчилар уюшмаси қошидаги адабий тўгараклар фаолиятини уйғунлаштириш;
  • Анъанавий Республика “Ёш ижодкорларнинг маҳорат мактаби” танловида ёш мунаққидларга эътиборни кучайтиши;
  • ёшларга адабий танқид жанрлари бўйича билим бериш;
  • адабий танқид юзасидан махсус магистрлик ва докторлик диссертациялари мавзулари асосида илмий тадқиқот ишларини кучайтириш;
  • адабий танқидчиларни рағбатлантириш;
  • адабий танқид соҳасига талантли ёшларни жалб қилиб тарбиялаш учун университетда махсус “Адабий танқид назарияси” магистратура мутахассислигини ташкил этиш ва кабилар ва ҳоказо. Б.Каримов маърузаси юзасидан  турли  фикр-мулоҳазалар  билдирилди.

      Тадбирда  шунингдек, Сувон Мелиев, Нусратилла Жумахўжаев, Узоқ Жўрақулов, Ислом Ёқубов, Умида Расулова ва магистр ва талабаларнинг маърузалари эшитилди. Завқиддин Сувонов(2-курс магистр) “Адабий танқид ва бугунги ёшлар насри”, Гулрух Худоёрова(2-курс магистр), “Ёшлар шеърияти муаммолари ҳақида”, Хуршид Серобов(3-курс) “Бугунги танқидчилик ёшлар нигоҳида”, Севинч Ёқубова(3-курс) “Бугунги болалар шеърияти ва танқидчилик” мавзусида   чиқишлари  йиғилиш иштирокчиларида турли фикр-мулоҳазаларнинг  пайдо бўлишига  сабаб бўлди.

       “Эътироф” йилининг “Энг фаол мунаққиди” номинацияси, “Олий адабиёт курси”, “Ижод лабараторияси” каби мавзулар  ҳам  йиғилишда  кенг муҳокама этилди.  Умуман, адабий  танқидга ёшларни  жалб этиш масаласи долзарб масала сифатида  кўтарилди. Маърузалардан келиб  чиқадиган  талаб ва  эҳтиёжлар сифатида  ушбу мажлис қарорини юқоридаги текишли ҳукумат ташкилотлар ҳукмига ҳавола қилиш масаласи  кун  тартибига  қўйилди.

           Ният эзгу ва жиддий, бадиий адабиётнинг бойиши ва гўзаллашишига ҳисса қўшишдир. Шундай экан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмаси “Адабий танқид шўъбаси” билан  ҳамкорликда амалга оширадиган ишлар кўп  эканлиги кўзга ташланади. Асосийси,  бундай амаллар  фақат  сўзлардагина  қолиб  кетмасдан, амалий  тасдиғини  топишига  ишонч ҳисси  қалбларимизни  иситди. Зеро, назаримизда буюк  адабиёт бўлиши  учун, буюк  танқид  ҳам  бўлиши  керак!