X

ILM-FAN RAVNAQI – YURT RAVNAQI

ILM-FAN RAVNAQI – YURT RAVNAQI

   Иброҳим Йўлдошев, Алишер Навоий номидаги 

 

   Тошкент давлат ўзбек тили адабиёти университети

   проректори, филология фанлари доктори, профессор

     Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлашда ўзига хос ҳикмат бор, десак янглишмаймиз. Бугунги глобаллашув жараёнининг тобора кучайиб бораётган даврда нуфузли идоралар ва масъул раҳбарларнинг диққат-эътиборини эл-улус билан бевосита мулоқотга даъват этишга, қолаверса, халқ манфаати йўлида қайғуришга қаратишнинг қайғуришга қаратишнинг нечоғлик катта аҳамиятга эга эканлигини ҳар қандай соғлом фикрли инсон дарҳол илғаб олиши табиий.

     Эслайлик: Ватанимиз  мустақилликка эришган илк кунларданоқ  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан илм-фан ва таълим тизимини такомиллаштириш, бу ҳар икки соҳани қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида катта эътибор қаратилди. Чунки ҳар қандай давлатнинг ривожланишида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг ўрни ўзига хос аҳамиятга эга. Эътибор беринг: Ўзбекистон собиқ иттифоқнинг аграр республикаларидан бири сифатида ҳаёт даражаси энг паст даражани эгалловчи ҳудудлардан бири сифатида қайд этилган бўлса, кейинги чорак асрлик тарихий давр ичида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан энг ривожланиб бораётган мамлакатлар сафидан ўрин олди. Бундан қарийб 26 йил аввал аҳолисини биргина картошка билан таъминлашга имкони бўлмаган бир қолоқ республикадан, кўпчиликнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган, тасаввурига сиғмаган, айтиш мумкинки, дунё миқёсида ўзига хос “ўзбек модели” билан эътироф этилган қудратли давлатга айланди. Албатта, бундай муваффақиятлар замирида юртимизда ўтиш даврида олиб борилган оқилона сиёсат, барқарор бўлган тинчлик, осойишталик ётибди.

     Мен дунёнинг кўплаб давлатларида хизмат сафарларида бўлиб келдим. Оддий бир мисолни айтаман: ҳозирги кунда ривожланган давлат деб айтиладиган ўлкаларда 12 йиллик бепул мажбурий таълимга эришилгани йўқ, ақалли, ёппасига 5 йиллик мажбурий таълимни тўлиқ таъминлашга давлатнинг қурби етмаяпти. Бизда-чи,  чорак асрдирки, давлат томонидан 12 йиллик бепул таълим тизими тўлиқ йўлга қўйилган. Қолаверса, миллий бағрикенгликнинг ёрқин намунаси сифатида 7 та тилда таълим тизими жорий этилган. Ҳар бир мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи замонавий талаблар асосида капитал таъмирдан чиқарилган ёки янгидан барпо этилган. Биздаги таълим олиш учун яратилган шарт-шароитлар тараққий этган  давлатлардагидан кам эмас. Демак, юртимизда таълим тизимига берилаётган эътибор даражаси анча юқори. Албатта, таълим муассасаларида ишни тўғри ташкил этиш боасида айрим муаммолар борлиги ҳақиқат. Бу соҳада муаян оқсоқликлар мавжуд.

     Тан олиш керак, бугун Ўзбекистон барча соҳаларда юксалиш йўлига чиқиб олди. Энди илм-фан соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратишни замоннинг ўзи тақозо этаётир. Ушбу талаб ва эҳтиёжни давлатимиз раҳбарининг халқ билан мулоқотнинг илк рамзи ўлароқ янги йил арафасида, яъни 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан бевосита мулоқот-учрашувининг ўтказилишида ҳам кўриб гувоҳи бўлдик. Ҳолбуки, ушбу учрашувдан бир кун аввал эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинган  эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари илмий фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга оид талайгина чора-тадбирлар белгиланган эди. Фармонда ниҳоятда долзарб бўлиб турган “Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзоларини фан-таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришда, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашда уларнинг ролини кучайтириш механизмини жорий этиш” вазифасининг қўйилиши айни дилимиздаги гап бўлди. Чунки, бир нафар кадрнинг ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиб етишиши учун давлатнинг қанчадан-қанча маблағи, неча йиллар керак бўлади. Халқимизда “Қари билганини пири билмас” деган ўта сермазмун ибора бор. Шунинг учун ҳам бундай жуда кенг ҳаётий тажрибага, юксак билим ва малакага эга бўлган  мўътабар инсонларнинг бой билим ва тажрибаларидан таълим тизимида оқилона фойдаланиш, ўйлайманки, жуда катта самара беради. Зеро, учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап”. Шундай экан, бу ўта машаққатли ва шарафли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати ҳар қанча таҳсин ва рағбатга муносибдир.

     Инсоният ҳаётидаги ҳар бир кашфиёт ёки янгиликни илм-фансиз тасаввур этиб бўлмайди.  Фундаментал тадқиқотларсиз, уларнинг ишлаб чиқариш амалиётидаги натижаларисиз бирон бир ютуққа эришиб бўлмайди. Шундай экан, Республикамиз келажаги ва тараққиётида илм-фан соҳасида эришиладиган янгиликлар, кашфиётлар инсон омили сингари муҳим  аҳамиятга эга. Ўйлаймизки, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган мазкур фармон ҳамда ташкил этилган учрашув, унда билдирилган фикр ва мулоҳазалар, белгиланган вазифалар, уларнинг амалдаги ижроси илм-фанимиз ривожи, юртимиз келажаги, миллат равнақи сари қўйилган яна бир муҳим қадамдир.