X

POKLIK VA TO‘G‘RILIK BOSH SHIORIMIZ BO‘LSIN!

          Дунё адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Виктор Гюго: “Буюкликка энг яқини ҳалолликдир”, – деб ёзган эди. Дарҳақиқат, инсонни безаб турадиган фазилатлар жуда кўп, аммо улар ичида поклик ва тўғриликка етадиган ноёб бойлик йўқ. Айниқса, бугунги туб ислоҳотлар замонида Ватанга садоқат, халққа меҳр-муҳаббат, ватаппарварлик, миллатпарварлик  ғояларининг асосий мезони ҳалолликдан иборат бўлмоғи лозим. Бу борада ўтмиш бобокалонларимиз бизга ибрат намуналарини кўрсатиб кетишган.  “Билим, маърифат, албатта, яхши ахлоқ билан безатилмоғи лозим”, – деб айтади Абу Наср Фаробий.  Ахлоқнинг таг заминида эса, энг аввало, тўғрилик ётади. Тўғрилик дегани ўз манфаатларини ўйлаб, нафсига қул бўлмасдан кўпчиликни ўйлаш, халқ учун, эл учун қўлидан келган яхшиликларни қилиш ,фидойилик  демакдир. “Тўғри бўлсанг, ўсиб бориб гул бўласан, эгри бўлсанг, охир бориб, кул бўласан”, – дейди доно халқимиз. Ҳар қандай ёмонликнинг, ёвузликнинг, эгриликнинг илдизи битта – жаҳолат. Илм эса жаҳолатни ҳамиша қоралайди. Жаҳолатнинг тилимизда кўринишлари жуда кўп: ўғрилик, қотиллик, ғийбатчилик, чақимчилик ва ҳоказо. Бу иллатлар бир киши мисолида содир бўлиши мумкин, аммо улар ичида ҳаммасидан ўтиб тушадигани, асорати фақат шу ишни қилган инсонга эмас, атрофдагиларга, бутун бир авлодга татийдигани, жамиятни чиришга, парокандаликка олиб борадигани борки, у порахўрлик, тамагирлик деб аталади. Замонавий тил билан атаганимизда – коррупция.   Коррупция – жамият кушандаси. Бойлик учун, мол-давлат, нафс учун порахўр ҳар қандай қонунларни четлаб ўтишга тайёр туради. У фақат ўзини ўйлайди, бошқалар билан ҳисоблашмайди. Мантиқан олиб қараганимизда, коррупцияни содир этган кимса, жамият қонунларига, давлат сиёсатига қарши борган нобакор саналади. Бундай кайфиятдаги одамларга бизнинг орамизда ўрин йўқ. Айниқса, таълим-тарбия тизимида фаолият олиб бораётган муаллимлар ичида порахўрликнинг содир этилишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Ахир, бошқаларни ортидан етаклайдиган, миллат келажаги учун масъул бўлган шахсларнинг бундай иллатга дучор бўлиши жуда оғир ҳолат. Деҳқон энди униб чиқаётган экинларини пайҳон қиладими, боғбон  ниҳолини ундирмасдан туриб суғуриб оладими?! Ахир, ўқитувчилар шундай ниятда бўлсалар, авлодлар давомийлиги қаерга кетади?! Ҳаётнинг мазмуни нимадан иборат бўлиб қолади?!

Агар келажакни, келгуси авлодларимизни, жон Ўзбекистонимизнинг янада гуллаб-яшнашиши ўйласак, чирмовуқ каби жамиятни ўраб олишга шай турган коррупцияни орамиздан юлиб ташламоғимиз лозим. Токи болалармизнинг кўзларига тик боқайлик. Улар тафаккури баланд, кўзлари тийран, қалблари яратиш ишлари билан лиммо-лим тўлган баркамол авлод бўлиб етишсин. Шундагина биз олдимизга қўйган буюк мақсадларимизни, сўзсиз, эгаллаймиз. Поклик ва тўғрилик бош шиоримиз бўлсин!

 

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов