Хаттотлик лабораторияси

Шарқ тиллари кафедраси таркибидаги Хаттотлик лабораторияси

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бугунги кунга келиб илм-фан оламида ҳам ўзига хос янгиланишлар амалга оширилди. Тошкентда “Ислом цивилизацияси” маркази, Самарқандда “Ҳадис илми” ва Қаршида “Имом Насафий” каби кўплаб ислом ва ислом илмларини ўрганувчи марказларнинг ташкил этилиши шунингдек, Президентимиз томонидан 2017 йилнинг 24 майида " Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорнинг қабул қилиниши қадимий қўлёзма манбаларни юзага чиқаришга бўлган мислсиз ҳаракатларнинг тасдиғидир.

Етмиш йил давомида юртимизда адабий манбаларни ўрганиш эътибордан четда қолган эди. Шарқшунослик институти фондида сақланаётган эллик мингга яқин адабий қўлёзма манба нисбатан кам ўрганилган. Мазкур нодир меросни тадқиқ, тарғиб ва ташвиқ этиш бизнинг муқаддас бурчимиздир.

Университетнинг шарқ тиллари кафедраси негизида хаттотлик лабораториясининг  ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йилнинг 24 майида " Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорнинг ижросини таъминлашга қаратилгандир. Мазкур лабораторияни ташкил этишдан мақсад асрий анъаналаримизнинг ажралмас қисми, ўзбек тамаддунида ўзига хос ўринга эга бўлган “Хат санъати”ни талабаларга ўргатиш, мазкур санъат турининг ривожига муносиб ҳисса қўшиш, талабаларнинг матншунослик ва манбашунослик фанидан эгаллаган назарий билимларини амалиётга жорий этиш, қолаверса аждодларимизнинг бизга қолдирган бой маънавий мероси бўлмиш қўлёзма асарларни ўқиш малакасини шакллантиришдан иборат.

2017 йилнинг 23 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев университетнинг очилиш маросимида иштирок этди ва Хаттотлик лабораторияси фаолияти билан ҳам танишди. Мамлакатимиз раҳбари у ерда талабалар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, мазкур лабораторияда юртимизда ва хорижда машҳур хаттотларнинг маҳорат дарсларини ташкил этиш, талабаларга шу ернинг ўзида қўлёзма манбалар билан ишлаш имкониятини, зарурат туғилганда баъзи қўлёзмаларни қайта кўчириш юзасидан ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.