“Лингвист” тўгараги

Маълумки, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо мерос сифатида она тилимизни асраб-авайлаш, бойитиш, нуфузини ошириш устувор вазифалардан саналади.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг 2016-йил 13-майда имзоланган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек: “…фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспуриденсия, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш олдимизда муҳим вазифа бўлиб турганини қайд этиш лозим”.  Шу маънода ҳозирги глобаллашув даврида ўзбек тили ва тилшунослигининг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг сифатини оширишга ҳисса қўшиш мақсадида университет қошида “Ўзбек тилшунослиги” кафедраси таркибида “Лингвист” тўгараги ташкил этилди.

Ҳар қандай соҳа ривожида амалга оширилаётган илмий ишлар қаторида тўгараклар фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, “Лингвист” тўгараги янги етишиб чиқаётган ёш олим ва олималарни катта илмий ҳаётга тайёрлаш борасида қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, кафедрада фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг тўгаракка доимий жалб этилиши, университет миқёсида талабаларни тўгаракка даъват этиш, уларнинг тил назарияси ва амалиётига оид қизиқишларини рағбатлантириш учун ҳар йили чоп этиладиган “Лингвист” тўплами намуналари фикримизни исботлайди. Мазкур тўпламда нафақат тўгарак фаолларининг илмий ишлари, балки, университет, турдош олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, докторант, мустақил изланувчилар, магистрантлар, талабаларнинг ҳам илмий мақолалари эълон қилиниб борилади.

Она тилига бўлган эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши тўгарак аъзоларини, айниқса, тил муаммоларини ҳал этишда муносиб улуш қўшишга бел боғлаган ёш йигит-қизларни турфа мавзулар доирасида изланишлар олиб боришга илҳомлантиради. Тўгаракнинг ҳар ойлик йиғилишларида тўгарак масъуллари томонидан таклиф этилган тилшунос олим ёки олима талабаларнинг тилшуносликнинг турли хил масалалари юзасидан бўлган фикрларига илмий нуқтаи-назардан баҳо беришади ва уларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашади.