Миссия

· Халқимизнинг миллий руҳи ва ўзлигининг, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланган она тили ва адабиётини янада ривожлантириш;

· Ўлкамиз қарамлик чангалига тушиб қолган истибдод даврларида она тилимизнинг ривожланиш имкониятларининг чекланиши оқибатида шаклланган асоратли муаммоларни бартараф этиш;

· Қадимий ва бой тарихга эга ўзбек тилининг тарихий шаклланиш ва замонавий ривожланиш жараёнларини чуқур тадқиқ этишни ёʻлга қўйиш;

· Аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо маънавий бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитиш, нуфузини ошириш;

· Ўзбек тили ва адабиётининг халқимиз, жамиятимизнинг маънавий ривожида, замонавий илм-фан тараққиётида тутган ўрни ва роли билан боғлиқ долзарб мавзуларда муҳим илмий тадқиқотлар амалга оширишни ривожлантириш;

· Замон талабларига мос луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар нашрини йўлга қўйиш;

· Ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассислар, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига катта эътибор қаратиш;

· Она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш;

· Фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш;

· Замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларни қамраб олади.