Нейминг лабораторияси

 

Тошкент давлат ўзбек тили ва ва адабиёти университети ташаббуси билан аҳоли ўртасида она тили ва адабиётига ҳурмат ҳиссини кучайтириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, аҳолининг, айниқса ёшларнинг ёзма нутқ саводхонлиги, тил маданияти масалаларида ижтимоий фаоллигини ошириш, саводхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишларнинг амалий ифодаси сифатида университетимизда нейминг лабораторияси ўз фаолиятини бошлади.

 Ўзбекистон бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида тобора мустаҳкам ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Жаҳон бозорида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ном остида маҳсулотларимиз дунё бозорида ўз ўрнини, харидорини топмоқда. Таъбир жоиз бўлса, ҳар қандай миллат дунё минбарига қадамни дастлаб ўз она тили орқали қўяди, ҳар қандай ишлаб чиқариш маҳсулоти дастлаб муваффақиятли танланган ном орқали машҳурлик пиллапоясига қадам қўяди. Сўнгги йилларда халқимиз орасида нейминг термини ишлаб чиқариш, савдо объектлари, маҳсулотлар, уларнинг бренди кабилар учун ном яратишга нисбатан фаол қўлланмоқда. Ишлаб чиқариш субъекти, тадбиркор учун ўз корхонаси, ишлаб чиқараётган маҳсулоти, унинг брендига ном қўйиш масъулиятли вазифа, албатта. Нейминг мураккаб ижодий лингвистик жараён сифатида уни яратувчидан тил меъёрларини мукаммал билиш, унинг таъсир кучига тўғри баҳо бера олиш, ном яратишда тил бирликларидан ўринли ва мақсадга мувофиқ тарзда фойдаланиш, ном орқали самарали коммуникатив мулоқотни ярата олиш қобилиятини талаб этади.  Ҳар қандай ишлаб чиқариш, савдо объекти ёки маҳсулот, унинг бренди номини яратишда жамият аъзоларининг дунёни қай тарзда англаши, миллий-маданий қарашлари, менталитети, воқеликка баҳо муносабати кабиларни эътиборга олиш муҳим ўрин тутади. Жамият аъзолари учун ёт бўлган ёки улар тафаккурида салбий ассоциацияларни ҳосил қилувчи номлар самарали коммуникатив мулоқотни ҳосил қила олмайди.  Аслида ном маҳсулот моҳиятига ишора қилувчи, унга урғу берувчи бўлиши лозим. Ишлаб чиқариш объекти ёки маҳсулотнинг даромад келтириши маълум даража муваффақиятли танланган неймга ҳам боғлиқ. Буларнинг барчаси савдо маҳсулоти, унинг брендига ном топиш осон эмаслигини кўрсатади. Ишлаб ишлаб чиқариш, савдо объектлари, маҳсулотлар, унинг брендига ном қўйиш жараёнини енгиллаштириш, хал­қимизнинг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган тўқима номларнинг олдини олиш, янги номларнинг ўзбек адабий тили меъёрларига мос бўлишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъекти билан шуғулланувчи оммани нейминг технологияси асосларидан хабардор қилиш, уларга услубий кўрсатмалар бериш, савдо брендлари номларининг захирасини яратиш долзарб муаммолардан биридир. Айни пайтда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиб бораётганлигини ҳисобга олсак, бир-бирини такрорламайдиган, янги номларни топиш ҳам осон эмас, албатта. Компания,  фирма, бренд ҳамда ишлаб чиқариш, савдо объектлари, маҳсулотларга ном қўйиш жараёнини енгиллаштириш, хал­қимизнинг миллий анъаналари ва менталитетига ёт номлар берилишининг олдини олиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги қонунига мос бўлишини таъминлаш мақсадида нейминг (номлаш) бўйича услубий кўрсатмалар, номлар захирасини яратиш иши йўлга қўйилиши лозим.

Мазкур муаммонинг ечими амалда қўлланилаётган ишлаб чиқариш, савдо объекти, маҳсулот номларини тартибга солишга ёрдам беради; янги ишлаб чиқариш маҳсулотларига ном бериш жараёнида тил меъёрларининг бузилиши кабиларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ушбу мақсадни амалга ошириш мақсадида Тошкент давлат ўзбек тили ва ва адабиёти университетида нейминг лабораторияси ташкил қилинди. Ушбу лабораториянинг мақсади: 

  • савдо объектлари, маҳсулотлар, уларнинг бренди номлари тўплаш, статистик ва лингвистик жиҳатдан таҳлил қилиш ва ўзбек тилида нейминг - номлашнинг меъёрий асосларини яратиш;

- ўзбек тилида ишлаб чиқариш, савдо объектлари, маҳсулотлар, уларнинг бренди номларини тартибга солиш, ўзбек тилида неймингнинг миллий ва умуминсоний жиҳатларини асослаш;

–хориж нейминг технологияси асосида ўзбек  халқининг миллий-маданий қарашлари, менталитети ҳамда ўзбек адабий тили меъёрларига асосланган ном яратишнинг электрон дастурий таъминотини яратиш;

– ном яратиш билан боғлиқ тавсиялар ишлаб чиқиш;

  •  услубий кўрсатмалар чоп этиш;

– муайян ҳудуддаги ишлаб чиқариш, савдо объектлари ёки маҳсулот, унинг бренди кабиларга қўйилган номларни ўрганиш, лингвистик ва статистик таҳлил қилиш, улар ҳақида танқидий ва таҳлилий маълумот тайёрлаш ва шу асосда “Ҳудудий номлар кўрсаткичи”ни тайёрлаш.

          Юртимизда янги турар-жойлар, замонавий иншоотлар, ҳамкорликда ишлаб чиқариш корхоналари барпо қилинмоқда.  Уларни миллий ғуруримиз бўлган она тилимиз қонун-қоидалари ва меъёрларига мос ҳолда тўғри номлаш ва тўғри аташга ҳар бир юртдошимиз, ўзини масъул деб билса, номлар ана шу ободликка янада ярашиқли бўлади. Бу ҳар бир ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўяётган миллатдошимиз учун ҳаётий зарурат, ижтимоий бурчдир.