Ректор мурожаати

http://navoiy-uni.uz/sites/default/files/rektor_s.sh.sirojiddinov_rm.jpg

Rektorga murojaat:

http://my.navoiy-uni.uz

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

     Маълумки, ўзбек халқи тарихи, маданияти, тили ва адабиёти бўйича ўтган юз йилликда кўплаб бирёқлама ноҳақ ёндашувлар ва сохта илмий хулосалар ясалди. 2014 йил май ойида Самарқандда ўтказилган буюк аждодларимизнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасига бағишланган халқаро конференциядан кейин бутун дунё ўзбек мутафаккирларини янгидан таниди ва халқимиз маданиятига муносабат тубдан ўзгарди. Ўзбек тили ва унинг тарихий илдизлари, адабиёти масалаларини ўрганишни янги босқичга кўтариш, халқимизнинг маънавияти, тарихи ва маданияти, фалсафасининг бетакрор эканлигини бутун дунёга тарғиб этиш, шу давргача давом этиб келаётган айрим бир томонлама қарашларга чуқур илмий тадқиқотлар билан холис баҳо бериш, буюк миллатимизнинг дунё миқёсида муносиб ўрнини таъминлаш йўлида яна бир тарихий иш амалга оширилди. Ўзбекистонда тузилиши, мақсад ва вазифаларига кўра бутун дунёда ягона ва уникал бўлган янги типдаги миллий университет ташкил этилди. Ташкил этилганига эндигина 3 йил бўлишига қарамай, университет янги ўқув йилига тўлиқ тайёргарлик билан кириб келди. Университет ўз олдига катта режаларни қўйди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов университетимизга асос солар эканлар, бу университетда буюк ишларни амалга оширамиз деган эдилар. Университет фақат тил ва адабиёт эмас, балки миллат тарихи, унинг маънавияти ва илмий-бадиий, ёзма маданияти билан боғлиқ кўплаб масалаларни ечишда, ўзбек халқининг халқаро нуфузини янада оширишда асосий ижрочи бўлишини истар эдилар. “Тил-миллат руҳи”, “тил ва миллат-эгиз тушунчалар”, “адабиёт орқали маънавият кириб келади” деб қайта-қайта такрорлар ва тил ва адабиёт тарғиби орқали ўзбек халқининг жаҳон цивилизациясининг бугунги босқичидаги юксак даражасини намойиш этиш зарурлигини таъкидлар эдилар. Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк йўлбошчи Ислом Каримов университетни ташкил этиш ҳақидаги тарихий Фармонда бир қанча вазифаларни белгилаб бердилар. Шулардан бири ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтиришдир. Мамлакатимиз миқёсида оладиган бўлсак, давлат ва жамият бошқарувининг барча бўғинларида ўзбек тилининг ўз ҳақиқий ўрнини эгаллашини таъминлашга эришишимиз зарур. Банк-молия, ҳарбий бўладими, иқтисодиётимизнинг барча секторларида ўзбек тилида иш юритиш учун зарур қўлланма ва луғатларни тайёрлашимиз керак. Ушбу йўналишда мутахассис тайёрлаш учун ўзбек филологияси факультети ташкил этилди. Халқаро миқёсда қарайдиган бўлсак, ўзбек тилини халқаро муносабатларда расмий таржима тиллари сафига киритиш учун барча асосларни яратишимиз, ҳар томонлама мукаммал мутахассис таржимонларни тайёрлашимиз зарур. Илмий, бадиий адабиётларни инглиз тилига таржима қилиш орқали маънавиятимизни дунёга тарғиб этадиган чуқур компетенсияга эга филолог таржимонларни тайёрлашимиз керак. Университетда ана шу вазифаларни бажариш бўйича ўзбек-инглиз таржима факультети ташкил этилди.

Университет олдида турган вазифалардан яна бири ўзбек тилининг тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш ва бу соҳада самарали фаолият кўрсатадиган етук илмий ходимларни тайёрлашдир. Университет таркибида ташкил этилган Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти фан ва таълим интеграциясининг ёрқин мисоли бўлиб, бу ерда талабалар ва олимларнинг бевосита ҳамкорлигида илмий тадқиқотлар, малакавий амалиёт олиб борилади, магистрлик ва докторлик диссертациялари бажарилади. Мазкур вазифани бажариш халқаро миқёсда кўплаб илмий тадқиқотчиларни жалб этишни тақозо этади. Шунинг учун университетда ўзбек халқи тили адабиёти, тарихи ва фалсафаси билан шуғулланиш истагида бўлган хорижлик тадқиқотчилар, магистрлик ва докторлик диссертациялари устида иш олиб бораётганлар учун махсус Халқаро тадқиқотлар маркази очилиши кутилмоқда. 

Яна бир муҳим вазифа узлуксиз таълим тизимида ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини тубдан ўзгартириш, шу соҳада фаолият кўрсатувчи юқори малакага эга педагог кадрларни тайёрлашдан иборат. Бу йўналишда ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш факультети ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўқитиш методикаси бошқармалари билан ҳамкорликда янги методика устида жиддий иш олиб борилмоқда.

Университет ўз мазмун-моҳиятига кўра, юксак маданият ва маънавият эгаси бўлган, ўз юрти, ватани ва миллий идеалларига ўта садоқатли бўлган мутахассисларни тарбиялашни ўз бурчи деб ҳисоблайди. Буюк йўлбошчимиз Ислом Каримов университетга бежиз Алишер Навоий номини бермаганлар. Зотан, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ўзбек миллати тимсолидир. Университет таркибидаги “Ўзбек тили ва адабиёти музейи” ёш авлодда ватанпарварлик фазилатларини тарбиялаш, ўз халқи тили, адабиёти,тарихидан фахрланиш туйғуларини ўстиришда маънавият маскани вазифасини ўтайди. Шу маънода, университет миллат тарбияси, халқимиз маънавиятини янада юксалтириш масалаларида стратегик ғояларни ҳаётга татбиқ этишда асосий ижрочилардан бўлиши назарда тутилади.

Ҳурматли порталга ташриф буюрувчилар!

Ўзбекистонни жаҳон танимоқда. Бугунги кунда университет жамоасининг барча интилишлари, ҳаракатлари университет рейтингини жаҳоннинг илғор университетлари даражасига олиб чиқиш, унинг вазифаларини халқаро миқёсда муваффақият билан амалга оширишга қаратилган. Яқин келажакда қўйилган мақсадларимизга эришишимиз учун бизда барча шароит мавжуд. Ҳукуматимиз юртимизда таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида ғамхўрлик қилади, университет жамоаси эса, серғайрат, билимли ва тажрибали, энг асосийси, келажакка ишонч ва журъатга эга.

Сизни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети порталида хуш кўрдим ва умид қиламанки, Сиз бу ерда университетимиз ҳақида атрофлича маълумотлар оласиз.

Ҳурмат билан Шуҳрат Сирожиддинов,

филология фанлари доктори, профессор,

Университет ректори