Университет ҳақида

      УНИВЕРСИТЕТ ҲАҚИДА

     Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майдаги Фармонига асосан ташкил этилган.

Мақсад:

·   ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш;

·   бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш;

·   таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг сифатини тубдан ошириш;

·   ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш.

 

Университетнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

·   ўзбек тили ва адабиётини, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асосларини, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали илмий ва педагог кадрлар тайёрлаш;

·   илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш;

·   талаба ёшларни, ўзбек тили ва адабиётининг бой имкониятларидан фойдаланган ҳолда, Ватанга муҳаббат ва садоқат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида, кенг дунёқарашга эга бўлган ва мустақил фикрлайдиган, маънавий этук инсонлар этиб тарбиялаш;

·   ўзбек тили ва адабиёти, фолклорининг тарихан шаклланган адабий, лингвистик мактаблари ва таълимотларини, мумтоз ва замонавий методларини, буюк аждодларимизнинг ўзбек ва жаҳон тилшунослиги ривожига қўшган ҳиссаси, уларнинг илмий мероси, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари, ўзбек тили ва адабиётининг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ илмий муаммоларни тадқиқ этиш;

·   ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш, турли мавзу ва ёʻналишлар бўйича луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар яратиш;

·   умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг янги ва самарали методлари бўйича илмий изланишлар олиб бориш, илғор педагогик технологияларни кенг жорий этиш;

·   она тилимизнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, унинг компютер услубини, ўзбек тили ва дунёдаги этакчи хорижий тиллар асосида таржима дастурлари ва луғатлар, электрон дарсликлар яратиш билан боғлиқ илмий-методик ишланмалар, амалий тавсиялар тайёрлаш ва бу борада эришилган натижаларни амалиётга кенг татбиқ этиш.

 

Мазкур вазифаларни бажариш қуйидаги соҳаларга алоҳида диққат-эътиборни қаратишни тақозо этади:

·  халқимизнинг миллий руҳи ва ўзлигининг, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланган она тили ва адабиётини янада ривожлантириш;

·  ўлкамиз қарамлик чангалига тушиб қолган истибдод даврларида она тилимизнинг ривожланиш имкониятларининг чекланиши оқибатида шаклланган асоратли муаммоларни бартараф этиш;

·  қадимий ва бой тарихга эга ўзбек тилининг тарихий шаклланиш ва замонавий ривожланиш жараёнларини чуқур тадқиқ этишни ёʻлга қўйиш;

·  аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо маънавий бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитиш, нуфузини ошириш;

·  ўзбек тили ва адабиётининг халқимиз, жамиятимизнинг маънавий ривожида, замонавий илм-фан тараққиётида тутган ўрни ва роли билан боғлиқ долзарб мавзуларда муҳим илмий тадқиқотлар амалга оширишни ривожлантириш;

·  замон талабларига мос луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар нашрини ёʻлга қўйиш;

·  ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассислар, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, мазкур ёʻналишда фаолият олиб бораётган ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига катта эътибор қаратиш;

·  она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ва илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш;

·  фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш;

·  замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларни қамраб олади.

 

    Университет таркибида 3 та факультет: ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, унинг қошида Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти ва Ўзбек тили ва адабиёти музейи фаолият олиб боради.

 

    Университет ўзбек тили ва адабиёти бўйича филолог мутахассислар, илмий-педагог кадрлар, юқори малакали таржимонлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айни шу йўналишларда илмий ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.