Университет жаҳон нигоҳида

 

2016 йил Ўзбекистон маданий ҳаётида юз берган катта воқеа билан эсда қоладиган бўлди. Биринчи Президентимиз, Буюк Йўлбошчимиз Ислом Каримов мамлакатимиз тараққиётининг барча соҳалари каби халқнинг ўзлигини кўрсатувчи асосий белги бўлган давлат тили – ўзбек тили ва унда  дунёга келаётган асарлар, бу соҳадаги тадқиқотлар ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, шахсий ташаббус билан ўзбек филологиясининг, қолаверса, маданиятининг бўлажак маркази сифатида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига асос солди. Одатда узоқ вақтни, тайёргарчиликларни талаб қилувчи ташкилий ва оёққа туриш жараёнини жуда қисқа муддатда ўташ масъулияти юкланган дорулфунун – ўқув, илмий

маданий, маърифий ўзига хос марказ  таъсис этилди. Ушбу марказ давлатимиз раҳбари нигоҳида ўзида нафақат ўзбек тили ва адабиётини, балки Ўрта Осиё маданияти, тарихи ва фалсафаси бўйича яратилган меросни ўрганувчи ва яратилажак тадқиқотларни атрофида бирлаштирувчи халқаро марказ бўлиб қолиши кўзда тутилганини таъкидлаш жоиз.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ўз танлаган йўлидан оғишмай бораётгани ва шу чорак асрлик қисқа муддат ичида хайратомуз натижаларни қўлга киритгани билан жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортмоқда. Бу мавзу жаҳон ОАВларида кўп гапириляпти. Ҳозирги интернет асрида ҳар қандай янгилик қандайдир дақиқалар ичида бутун дунёга тарқалмоқда. Ўзбекистон маданий ҳаётида рўй берган бу воқеа ҳам эътибордан четда қолмади. Дунёда янги тузилмага катта қизиқиш ва умид билан қаралмоқда. Университет, унинг тасарруфидаги тадқиқот институти ва адабиёт музейининг салоҳиятли профессор-ўқитувчилари, олим ва тадқиқотчилари ўзларининг хорижий ҳамкорлари билан бу катта воқеани ўртоқлашиб, улардан табриклар олмоқдалар. Улуғ Алишер Навоий номи билан боғлиқ бу олий даргоҳ тез орада кўпчилик назарига тушиши шубҳасиз.

Давр талабига биноан университет режаларида соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш курсларига хорижлик мутахассислар, таниқли олимларни таклиф этиш мўлжалланган. Бу ишни амалга ошириш учун университет тадбир-режасига кўра, қуйидаги хорижлик олимлар таклиф этилиши кўзда тутилмоқда:  Метин Экиджи, Исмат Четин, Ўжал Ўғиз (Туркия), Карл Райхль, Джанин Дагйели, Ингеборг Балдауф (ГФР), Хироки Тамагочи (Япония), Инг Ёнг О (Корея), Кристофер Форт, Анна Олдфилд, Шамил ўғли Юлой (АҚШ), Марк Тоутант, Фрэнсис Ришар (Франция) ва бошқалар.

Тошкентда фаолият юритаётган дипломатик ва бошқа хорижий ваколатхоналар янги университетга алоҳида эътибор қаратиб, янгиликни ўз юртларида ёйишлари туфайли у тез орада жаҳон афкор оммасига танилади, деб ишонамиз. Куни кеча университетда “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни”га бағишлаб ўтказилган тадбирда АҚШ элчихонаси вакиллари иштирок этиб, унинг раҳбарияти, жамоасини биринчилардан бўлиб табрикладилар, таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини киритдилар ва кутубхона фондига 250 нусха ўзбекча-инглизча, инглизча-ўзбекча луғат совға қилдилар.

 

         Тошкентдаги Гайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббасов университет билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ниятини билдириб маданият, тил ва адабиёт соҳаларида, классик ва замонавий шоир ва адиблар ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтказиш, Озарбайжон таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатишда ёрдам бериш таклифларини берди.

Япониялик машҳур туркшунос олим, ўзбек адабиёти тадқиқотчиси Коматсу Хисао университетга ташриф буюриб, ўзи ва юртдош олимларнинг бизлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ниятини изҳор қилди. Бундан ташқари университет ва институт олимлари  номига туркий тилли адабиёт классиклари ва бошқа масалаларга бағишланган халқаро анжуман ва тадқиқотларга таклифлар келиб турибди. Вакилларимиз университет номидан бундай анжуманларда иштирок этмоқдалар ва унинг номини илмий жамоатчиликка танитмоқдалар. Ишончимиз комилки, тез орада  Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўз олдига қўйилган катта вазифаларни адо этиб, ўзбек тили ва адабиёти, фалсафаси, тарихи ва умуман маданияти соҳасида янги марраларга эришади ва жаҳон зиёлилари эътиборга тушади.